Устувор вазифалар таҳлили


Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ногиронликни белгилаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга доир семинар йиғилиш ўтказилди. Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мурод Рахматуллаев олиб борди. Унда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, бирламчи тиббиёт муассасалари мудирлари ҳамда оилавий шифокорлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ногиронликни белгилаш тизими тубдан ислоҳ этилмоқда. Бу жараённинг асосий мақсади – фуқароларга қулайлик яратиш, комиссиялар фаолиятида шаффофликни таъминлаш ва инсон омили таъсирини минималлаштиришдир. Охирги икки йилда қабул қилинган Президент ва Ҳукуматнинг бир қатор муҳим қарорлари бу соҳада янги босқични бошлаб берди.
Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимчачора - тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–257-сон қарори ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрда қабул қилинган 587-сон қарорига мувофиқ, ногиронликни белгилаш тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Бу ўзгаришлар айниқса ҳудудлардаги тиббий муассасалар учун катта масъулият юклайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг яна бир муҳим йўналиши — даволаш ва жарроҳлик амалиётларини молиялаштиришнинг янги тартиби. Президентнинг 2025 йилда қабул қилинган ПФ–17-сон фармонига мувофиқ, эҳтиёжманд аҳолига тиббий ёрдам “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд. Семинарда булар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
