Вилоятимизда илк бор буйрак биопсияси амалиёти ўтказилди
Вилоятимиз тиббиёт муассасаларида замонавий тиббий технологиялар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг янада сифатли ва қулай бўлишига, энг муҳими, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигининг ошишига хизмат қилмоқда.Шовот туманида яшовчи 1974 йилда туғилган У. А. сўнгги бир йил давомида танада шиш ва қон босимининг кўтарилиши каби шикоятлар билан даволаниб келган. Унга “Сурункали гломерулонефрит, морфологик аниқланмаган тури” ташхиси қўйилган. Бундай ҳолатда касалликнинг аниқ турини белгилаш даво тактикасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида амалиётга тадбиқ этилаётган буйрак биопсияси айнан шундай мураккаб ҳолатларда зарур процедура ҳисобланади.
Ушбу усул буйрак тўқимасидан кичик намуна олиб, уни морфологик таҳлил қилиш имконини беради. Шунга кўра беморда касалликнинг аниқ тури белгиланади ва индивидуал, самарали даво режаси тузилади. У. А.да ўтказилган биопсия орқали бемор оғир асоратлардан — энг хавфли ҳисобланган сурункали буйрак етишмовчилигидан асраб қолинди.
Буйрак биопсияси нафақат гломерулонефритни, балки кўплаб бошқа буйрак касалликларини аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, буйрак кўчириб ўтказилган беморларда трансплантатни рад этиш ҳолатларини эрта ташхислаш ва тўғри даво тайинлашда ҳам асосий текширув усули ҳисобланади. Дунёда тиббиёт соҳаси ривожланган давлатларда бу амалиёт нефрология ва трансплантациянинг ажралмас қисми сифатида қўлланади.
Ушбу муҳим амалиёт ВКТТМнинг нефрология, диагностика ва амалиёт бўлими мутахассислари томонидан РИНваБТИАТМ ходимлари ҳамкорлигида муваффақиятли ўтказилди.
